ҲАҚҚОНИЙ ЖУРНАЛИСТ “ЧИН СЎЗДИН ЎЗГАНИ ДЕМАС”

– Журналистик фаолиятингиз давомида сизни қаттиқ таъсирлантирган, ҳаёжонга солган бирор воқеани айтаоласизми?

– Мени бугун ҳайратга соладиган ходиса – газеталаримизнинг катта қисми янги вазиятга кўника олмай, таҳликада қолди ва аста-секин бозор шароитига ўтмоқда. Англашимиз керакки, аввалги вазиятда давлат ва ҳукумат муайян даражада газета ва журналларни қўллаб-қувватларди, зарур ҳолатда ҳукумат нашрларига мажбурий обуна қилиб берарди. “Еган оғиз уялади”, дегандай, нашрлар ҳам ҳукуматга мақбул гапни чоп этарди, гоҳида танқидни изн берилган соҳага ёки шахсга қарши қаратарди, холос. Газетанинг адади кўплиги унинг ҳақиқатни ёзишига боғлиқ эмасди.

Бугун мажбурий обуна деярли йўқ бўлди, юз минг ададли газеталар йигирма-ўттиз мингга, ўн минг ададдаги газета ва журналлар саккиз юзта, нари борса, мингтага тушиб қолди. Маошлар ва қалам ҳақлари, фаровонлик ҳам шунга яраша. Бир қатор нашрлар ёпилди, бошқалари оғир аҳволда қолди ва, ниҳоят, муаммоларни кўтара бошлади.

Назаримда, ҳукумат нашрлари ҳали “отахон нашрмиз, дордан қочган қаланғи-қасанғиларга ўрин бермаймиз”, “майда муаммоларни обрўли нашрга чиқаролмаймиз” деб кибрларидан кеча олмаяптилар. Хусусий нашрларимиз танқидий чиқишларга бир қадар ўрин бера бошлашди. Агар халқ матбуотда ўз дарду ташвишлари ифодасини кўрса, обуна бўлади.

Газетанинг тили – унга мақола ёзаётганларнинг тилидир. Журналист­ларимиз китоб ўқишлари керак. Адабиётни билишлари керак, чунки адабий тил бутун жозибаси билан адабиётда намоён бўлади. Сўз бойлигини кўпайтириш керак. Афсуски, барча журналистика ўқув муассасаларида тил ва адабиёт ўқитилиши йўқ ҳисобидадир. Ўқувчига ёқиш учун журналист халққа яқин тилда ёзиши лозим. Шу билан бирга, гўзал ёза оладиган журналист халқнинг истеъмолига гўзал сўз ва ибораларни кирита олади ҳам.

Матбуотнинг халққа энг зарур ва улуғ хизмати ростини ёзишидир. Матбуотнинг энг зарарли ва халққа офат келтирадиган иши – маддоҳликдир. Чунки мақтов самарасиз нарсадир, лаганбардорлик шахсга сиғинишга, аста-секин жамиятни эзаётган муаммоларнинг хаспўшланишига, “ютуқларни кўролмаётганлар”ни излашга ва қатағонларга олиб борадиган йўлдир. Ҳаққоний танқид эса жамият ва иқтисоддаги камчиликларни кўрсатадиган, муҳокама қиладиган, ечимларини топадиган ва фаровонликка олиб борадиган йўлдир. Демократик давлатларнинг фаровонлиги асосида сўз эркинлиги ётади. Шу маънода, ўзбек матбуоти катта бир йўлнинг бошида турибди.

Адолат қарор топсагина жамият ҳам, иқтисодиёт ҳам, юрт ҳам ривожланади, шу қаторда журналистика ҳам ўз вазифасини бажара олади. Матбуотнинг ишлаши мамлакатда демократиянинг қарор топишига жуда боғлиқ, ахир.

Навоийнинг бир байтини келтириб ўтмоқчиман: “Хирадманд чин сўздин ўзгани демас”. Ҳазрат Навоийнинг мисраси матбуотнинг шиори бўлса арзийди (Журналист чин сўздин ўзгани демас) – ОАВ чин сўзни айтиши керак, ёлғон ёзмаслиги керак. Иккинчи мисра – маҳорат масаласидир. Ундан бир ҳақиқатларни айтиб, бошқаларини айтмаслик керак экан, деган хулосани зўрлаб чиқариш керак эмас. Масалан, сиз беморни кўргани бордингиз: унинг аҳволи оғир, етилиб қолган бўлса-да, сиз унга далда бўласиз, “кунинг битибди, ўласан энди” демайсиз, “бу дунё – фоний дунё, яшил барглар бир кун сарғаяди, энг қаттиқ тош ҳам охир емрилади, Аллоҳдан умидвор бўламиз, ўзи шифосини беради, иншаллоҳ” дейсиз. Бу сўзларингизда ҳам ёлғон йўқдир, лекин гўзал бир тарзда айтилган ҳақиқат бордир. Зеро, Ҳазрат Навоийнинг “Чин сўз деёлмасанг, ёлғон дема дағи”  деган ўгитлари ҳам бордир.

Фёдор Достоевский: “Пул – чоп этилган озодликдир” деган. Пушкин: “Шоир халққа ҳам, ҳукуматга ёқишга ҳаракат қилмаслиги керак. Иккисининг зулми ҳам бир хил”, – дегандир. Шоир ва журналист ҳақиқатга хизмат қилиши керак. Журналист очиқ ҳақиқатни ёзса, шоир уни бадиий, образли қилиб айтади. Журналист камбағал, қашшоқ бўлганидан кейин у ҳақиқатни қандай ёзсин: ё маош тиланиб давлатга термилади, ёки ариза ва шикоят қилиб келган халқнинг қўлига мутеларча боқади. Бу касб ахлоқи масаласи ҳамдир. Шу йўлда ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Шифокорлар ва ўқитувчилар маоши ошгани каби журналистларнинг маоши ҳам юқори бўлиши керак. Муҳтожликда ҳақиқатни айтолмайди кўпчилик. Фақат фидойилар, дарвешлар айта олади ва улар кўп эмас.

Матбуотнинг оёққа туриши ва яшаб қолиши учун, биринчидан, ОАВ соҳасидаги қонунчилик жиддий такомиллашиши зарур.

Иккинчидан, тузум демократиклашуви, яъни қонун чиқарувчи ҳокимиятга халқнинг ҳақиқий вакиллари ҳалол сайловда сайланиши, халқ иродасини ифода этадиган қонунлар чиқариши ва ижросини синчков назорат қилиши лозим. Суд ҳокимияти мустақил ва ҳалол бўлиши керк. Ижро ҳокимияти қонун асосида бошқариши шарт. Фуқаролик жамияти, яъни нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар реал жамоат назоратига эга бўлиши керак. Одил судлов, фуқаролик жамияти ва қонун устуворлигисиз журналистлар ҳеч нарса қилолмайди.

Учинчидан, сўз эркинлигига юқори сиёсий ирода керак. Агар рост сўзни айтганлар таъқиб қилинса, қамалса ва қўрқитилса матбуот оёққа турмайди ҳамда мутелигича қолади.

Ўзбекистон Президенти давлат агентлик­лари ва давлатдан таъминланадиган теле­радиожурналистларига қарата шу йил 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади: «Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди… Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».

Шу гаплардан сўнг ҳам танқидга, ошкораликка, ҳаққоний муҳокама ва мулоқотларга йўл бермайдиган раҳбар­ларнинг тафаккурида (агар фикрласа) шундай хаёллар бўлса керак: ё у асли қўрқоқ, ё  биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади. Қадимги замон файласуфи Ксенофонт: “Рост гапирганим, танқид қилганим учун кўп балоларга учрадим, лекин мақтаганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим”, деган. Бу унинг киноясидир.

Президент танқид қилинглар, “аччиқ-аччиқ масалаларни кўндаланг қўйинглар”, “мақтов керак эмас” деб турганда, яна мақташда давом этадиган ОАВ раҳбарларининг қилмишини, фикратини шундай изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, у шундай фикрда: “Давлат раҳбари бу чиройли гапларни гапиргани билан ич-ичидан ошкораликни истамайди, мен унинг гапларига эмас, ички истагига бўйсунаман ва шу туфайли лавозимимда узоқ қоламан!”

Иккинчидан: “Президент балким сўз эркинлигини истайди, биз танқид қилиб кўрдик, лекин унинг атрофида ўтирганлар дарҳол бурнимизни ерга ишқаб қўйишди, уларнинг қўли узун ва улар кўпроқ хабардор. Кўзимга қараб юришим керак!” У ўнлаб танқиди туфайли ёпилган газеталарни, ишидан айрилган бош муҳаррирларни, юзлаб ҳақ сўзи учун қатағонга учраган журналистларни ва блогерларни мисол қилиб келтиради, яна минглаб мақтагани учун ўрнидан жилмай ўтирган нашр ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва ходимларига ишора қилади.

Учинчидан, ёхуд: “Мақтасам, битта давлат раҳбарига ёқмасман, лекин минглаб унинг амалдорларига ёқаман, давлатни аслида ана шу жим юриб, зимдан ишини юритаётган кучлар тасарруф қилмоқда ва уларга бўйсунсам, адашмайман!”

Мен бу фикрларнинг қай бирида жон борлигини билмайман ва балким, билишни истамайман. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди”, деган сўзларига ишонаман, бир куни коррупционерлар ва монополистлар уни эгиб олишига ва ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман, ишонгим келмайди. Бу – романтика эмас, балким, сўнгги имкониятдир.

Шу ишонч билан танқидий мақолаларни ёздим, ёзяпман ва яна ёзаман.

Yuqoriga o'tish
Özbekiston matbuoti | Ilmiy naşr