ДИКТОР ВА СУХАНДОН СИНОНИМ ЭМАС

Радионинг биринчи дикторлари ҳақида икки хил маълумот бор. Аслида радионинг биринчи дикторлари кимлар?

Бу ҳақида ҳеч қаерда, ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Ҳатто, устозларимиз қолдирган фикрларда ҳам чалкашликлар бор. Масалан, Жонрид Абдуллахонов Ҳожимурод Авазхўжаевни биринчи диктор деб ёзадилар. Аслида, биринчи диктор Назирхон

Комолов. Чунки манбаларда Нозирхон Камо­лов шундай ёзган: “Мен 1928 йили совуқ пайтида кичкинагина пастқам бир бинонинг ичига кирдим”. Ваҳоланки, ўзбек радиоси 1927 йилда иш бошлаган. Бу даврда Бутуниттифоқ радиоси ўзининг тармоғи сифатида Ўзбекистондан маълум бир вақт рус тилида эшиттириш бериб турган. Лекин у Ўзбекистон радиоси бўлмаган. Ана шу Ўзбекистондан рус тилидаги эшиттиришни тайёрлаган ва олиб борган шахс Тошкент радио эшиттиришлар станциясининг рус бўлими бошлиғи Сумбатов фамилияли киши бўлган. Сумбатов Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг мелиорация факультети талабаси Назирхон Камоловни ўзбек тилидаги эшиттиришни олиб боришга таклиф этади. Илк ўзбек тилидаги эшиттиришлар 1928 йили Назирхон Камоло­в билан бошлаган. У пайтда Назирхон Камолов талаба бўлган. Ўқишни битириш арафасида балки, интеллектуал салоҳияти юқори бўлгандир, балки кадрлар танқислиги сабаблидир Назирхон Камолов Ҳожимурод Авазхўжаев деган йигитга:“Сен мени ўрнимга озгина ишлаб тургин мени сафарга жўнатишяпти”,-дейди ва Ўшга кетади.  Ҳожимурод Авазхўжаев биринчи аёл диктор – Фотима Юнусова билан эшиттириш ўқиб туришади. Ўша пайтда Назирхон Камоловни партия ишига жалб этишади ва партия ходими бўлиб қолади. Ҳожимурод Авазхўжаев эса, радиода диктор бўлиб қолади. Аксарият манбааларда Ҳожимурод Авазхўжаев биринчи диктор сифатида тан олинганлиги тўғри эмас.

1977 йили Ўзбекистон радиосининг 50 йиллиги бўлди. У пайтда «Гостелерадио СССР» дейиларди. «Гостелерадио» раиси Москвадан Сергей Георгивич Лапин бошчилигида марказий телевидениенинг бир гуруҳ ходимлари Тошкентга келишади. Улар орасида машҳур диктор Юрий Левитан ҳам бор эди. У ўзбек телевидение ва радиосининг дикторлари ва бошқа ижодий ходимлари билан учрашди. Ўшанда

60 тан ортиқ телерадио ходимлари самарали меҳнатлари учун давлат мукофотларига сазовор бўлишди.

Дастлабки радиорежиссёрлар кимлар бўлган?

Мен 9 ёшимдан радиога келишни бош­лаган бўлсам, мени таниганим, билганим Неъмат Дўстхўжаев, Иффат Рахмонқулова, Ўлмас Умарбековлар бўлишган. Неъмат Дўстхўжаев театрда ҳам ишлаган. Суҳбатга келишдан олдин кўп манбаларга мурожаат қилдим, лекин деярли ҳеч қандай маълумот топа олмадим.  Ҳозирги миллий театримиз актёри ва режиссёри Шариф Қаюмов Ўзбекистон радиосининг адабий драматик эшиттиришларини тараққиёт босқичларини белгилаб берди. Радиода  Амин Турдиев, Дамир Шокиров, Убай Бурхон, Жавлон Тошхўжаев, Иффат Рахманқулова, Рахмат Жумаев, Рустам Қурбонов, Санжар Саъдуллаевлар ишлашди. Рус тилидаги дастурларга Шквалов, Тошхўжа Хўжаев, Анатолий Қобуловлар режиссёрлик қилишганди. Бу кишиларнинг радиода қолдирган мероси ниҳоятда салмоқли. Адабий драматик таҳририятларда ишлаган Убай Бурхон ҳам режиссёрлик, ҳам редакторлик, ҳам актёрлик қилган. Режиссёрлар кейинчалик таҳририятларга бўлиниб кетишди. Бир қанча драматик асарлар тайёрланди.

Телерадио соҳасида фаолият олиб бораётган диктор ва бошловчиларга маслаҳатин-гиз?

Айниқса, жонли эфирда томошабиннинг меъдасига тегмайдиган, ниҳоятда одоб билан студияга келган меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб, одоб билан кўрсатув, эшиттириш мазмунига путур етмасдан сўзлаш керак. Шу билан бирга, хроно­метражни назарда тутишимиз, унга риоя қилишимиз ва гапираётган суҳбатдошнинг сўзи яримта бўлиб қолмаслиги керак. Биз буни монтаж қилолмаймиз, орқага қайтара олмаймиз.

Кўрсатувни олиб бориш жараёнида “кечирарсиз, биз жонли эфирдамиз”, “кечирарсиз, вақтимиз тиғиз”, “кечирарсиз, энди сал гапингизни қисқароқ қилинг”, “кечирарсиз, булар ҳам гапирсин”, деган жумлаларни ишлатмаслик керак. Кўрсатув учун ажратилган вақт кам экан, унда студия меҳмонларини камайтириш лозим.

Соҳага оид бартараф этиш керак бўлган муаммо ва масалаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

Бугун урғулар луғати зарур. «Словарь ударение». Илгари бу китоб фақат радиода бўлар эди. Биз қўлимизда ушлаб кўра олмасдик. Ўша телевидениеда туриб, бирон- бир сўзга урғу бериш учун радиога қўнғироқ қилар эдик. Бир куни мен қўнғироқ қилдим. Азетян Михаил Артёмович олди, керакли сўзни айтиб, урғу қаерга тушади десам, қайси мамлакат дедилар, мен Африка дедим, қайси ҳудуди дедилар. Қаранг, ўша Африканинг ўзида ҳам худди бизни вилоятлардаги каби шевалар, лаҳжалар бор экан. Ўша ерда ҳам урғу–урғу, нутқ–нутқ экан. Урғулар луғатини чоп этиш вақти келди.

Яна бир масала, бугун телевидениеда ҳам, радиода ҳам дикторлар мактаби керак. Бунга зарурият бор. Аммо ким ўргатади, ким дарс ўтади? Ким сабоқ беради? Ниҳоятда зарур, долзарб, қанчалик тез бўлса, шунчалик яхши бўладиган муаммо бу.

Ҳозир тақдирини телевидение билан боғлашга ҳаракат қилаётган ва шунга қадам қўйган бошловчи, диктор, олиб борувчиларнинг ўқийдиган манбаси йўқ. Маданият ва санъат институтида фақат саҳна нутқи дарси ўқитилади.

Республика радиосининг 100 йиллиги, телевидениесининг 65 йиллиги арафасида турибмиз. Шу давр ичида соҳани тадқиқ қиламиз, ўрганамиз, аммо радио ва телевидение тўғрисида деярли манба йўқ. Бирон мутахассис тўғрисида диктор бўладими у, режиссёр бўладими у, муҳаррир бўладими у бирон-бир нарсани ўрганмоқчи бўлсак, тарихга асосланган маълумотлар йўқ. Телевидение ва радио фаолиятини таҳлил қиладиган, ихтисос­лашган матбуот органи бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мен ихтисослашган радио ва тележурналистларини, режиссёр операторларни, овоз соҳаси мутахассислари тайёрланиши фурсати етди деб ўйлайман.

Мухлисларингизга тилакларингиз борми?

Барча мухлисларимга соғлиқ саломатлик, оилавий бахт-саодат, ишларида, ўқиш­ларида омад ёр бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, телевидение кўриш, радио эшитиш юрагимизга сиғсин…

Самимий суҳбат учун ташаккур!

Yuqoriga o'tish
Özbekiston matbuoti | Ilmiy naşr